понедельник, 9 октября 2017 г.

Смартфонсиз

Смартфонсиз 3 ой яшашнинг афзалликлари ва ноқулайликлари ҳақида биласизми? Шунча вақт телефонсиз яшаб кўрганмисиз? Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаман - бунинг яхши жиҳатлари ёмонидан кўпроқ.

Тўғри, зарур пайтларда қўнғироқ қилиш учун стационар телефон излаш ё бировдан мобил телефонини сўраб туриш керак. Сиз кимгадир керак бўлиб қолсангиз у одам сизни топа олмайди ёки аксинча. Аммо бунинг ҳам ечими бор: ишхона ёки уйдан топиш мумкин. Бундай ҳолатлар менда 5-6 марта (балки кўпроқ) бўлди, "телефон олинг", "ким ҳозирги замонда телефонсиз юради, эй!" деган яқинларим ҳам бўлди. Телефон бор, йўқ эмас, аммо... телефонсиз юриб ўрганган эканман, унга эҳтиёж унчалик ҳам сезмадим.

Энди плюслари. Аввало турли олимларнинг турфа тадқиқотлари натижасида телефоннинг зарарлари ҳақидаги гаплар энди ташвишлантирмайди. Ҳар ким қўнғироқ қилиб безовта қилмайди. Адашиб тушиб қолганлар асабни бузмайди. Рулда эканингда чалғимайсан. Уйдан бўладиган "фалон нарсани олиб келинг, фалон жойга кириб келоласизми" каби мавзудаги қўнғироқ ва смслар йўқ . Хуллас, қулоғим том маънода тинч.

Энг асосийсига энди келдим. Уйдаям, ишдаям, кўчадаям, кафедаям телефон экранига эмас, одамларнинг юзларига, атрофга қарай бошладим. Эътиборлироқ бўла бордим, кўпчилик сезмаган нарсаларни сеза бошладим. Ундан ҳам асосийси, энди мен ошхонадаям, ҳожатхонадаям, ётоқхонадаям смартфон титкиламайман. Зерикмаслик учун ётоқхонамга битта, меҳмонхонага битта, ҳожатхонага битта китоб опкириб қўйдим. Ва, ишонасизми, бундан розиман. Чунки охирги 1 ой ичида 3 та катта китобни ўқиб тугатдим. Уларнинг муаллифи, жанри, тили ҳар хил. Неча замонлардан бери китоб кўрмаган бу онг ва шуур мазза қилди. Бироз аввал Вилли Майнк қаламига мансуб "Марко Полонинг ғаройиб саргузаштлари" номли тарихий-саргузашт романни ўқидим, параллель равишда Эрнест Хемингуэйнинг сара асарлари тўпланган "Избранное" китобини "паққос туширдим". Охирги ўқиганим Холид Ҳусайнийнинг "Шамол ортидан югуриб" асарини тунги соат 12 да бошлаб тонг соат 4 да тугатдим. Шунақа мазза қилдим, таърифлаш қийин! Бош кўтармай, бирор нарсага чалғимай, узилмай ўқиганим бу китобнинг зўрлигидан мазза қилдим. Ана шунда смартфонсизлигимдан рози бўлиб кетдим.

Тўғри, телефонсиз яшаш ҳозирда ноқулайроқ, барибир ундан фойдаланаман. Ақалли хориж радиоларини машинада эшитиб юриш учун ҳам смартфон керак менга. Бунга ўрганиб қолганман. Кўп маълумот, янгилик оламан, ғоялар туғилади хорижий радиоларни тинглаш асносида. Ҳа майли, гап бунда эмас. Гап шундаки, китоб ўқинг! Ишонинг, смартфон сизга бу роҳатни бера олмайди. Яшасин китоб!

вторник, 19 апреля 2016 г.

Тошкентда яшаяпсизми? Сузишни ўрганиб қўйинг!

Тошкент мамлакатимиз пойтахти. Ў, янгилик-ку, денг! Юртимизга келган меҳмон энг аввало Тошкентдан бошлайди саёҳатини. Ташрифнинг илк манзили бу шаҳар. Ўлкамиз дарвозаси бу макон. Хива, Бухоро, Кеш, Самарқанд, Кушон деган жойларга айнан Тошкент орқали йўл олишади аксар меҳмонлар. Шундай экан, юртимиз дарвозасини, пойтахтимизни чиройли қилиб қўйишимиз керакми? Керак! Ва бунинг учун катта кўламдаги ишлар қилинган ва қилиняпти ҳам. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳар жойда камчилик бор, етарли.

Билмадим, кўчаларимизнинг ҳолатига Ободонлаштириш бошқармаси жавоб берадими ё Коммунал хўжалик? Ўзи нима деб юритилади бу ташкилотлар? Мана бу суратларга қаранг. Эсимни танибманки ёмғирлар мавсумида шу аҳвол. Асосан баҳорда, гоҳида кузда ҳам шу. Қиш-ку юртимизга келмай қўйган. Аразлаганми, билмадим. Бунинг яхши томони ҳам бор экан. Қор йўқлигидан нолиймизу, аммо шу қор пағалаб ёғса аҳвол не кечишини тасаввур қила оласизми?

Йўлларни асфальтлаб, кўприкларни қуриб ётишибди. Лекин бирорта каснинг дренаж тизими, канализация билан иши йўқ. Иши борнинг вақти йўқ, вақти борнинг ваколати йўқ, ваколати борнинг иши йўқ. Хэх, занжирга ўхшаб кетди гапим.

Бунақа кўчаларда юриб бўларканми? Машинаси борларга осон десангиз, адашасиз. Трамблёргача сув кириб кетади баъзи кўчаларда. Ана кейин "дарё"нинг ўртасида қолиб кетган "кема"ни кўринг. Энг қийини пиёдаларга. Автобусга чиқай деса бекатда бир парча қуруқ ер йўқ. Кўчага резинка этик кийиб чиқай деса ишхонага бунақа дресс-код билан киргизишмайди, камига, оёқ ҳидланадиган бўлиб қолади.

Мутасаддиларга эса фарқи йўқ. Уларнинг йўли қуруқ бўлса керакда, а? Ё улар вертолётда ишга бориб келишармикан? Кўчаларнинг аҳволини “кўрмаётганлари” важидан айтаман-да. Янаям билмадим.

Дарвоқе, чет элга саёҳат қилиш учун қурбингиз етмайдими? Шартмас йиллаб пул йиғиш. Санкт Петербург ёки Венеция ўзимизда ҳам бор. Ҳар баҳор ва куз шаҳримизда қайиқда сузиш мумкин. Ҳар баҳор (ва куз) шу бўлар такрор.



P.S. Яқинда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ОАВ вакиллари қаршисида ҳокимликнинг йўллар борасида шаҳар аҳолисидан қарзи борлигини гапириб ўтди. Умид қиламиз, зора ҳоким бовамизнинг “йўллар” сўзи кенг қамровли бўлиб, бу сўзнинг ичига “дренаж тизими” ибораси ҳам кириб кетган бўлса.



Бу "Ғафур Ғулом" метро бекати яқинидаги кўприк. Янги қурилган пайтида ёғган ёмғирдан кейинги ҳолат

Буниси Сергелидан "Ипподром" бозорига кетаверишдаги кўприк ости

Қорақамишни танидингизми?


Бу эса "Қўйлиқ" бозори атрофи. Иккинчи суратда пиёдалар учун ер ости ўтиш йўли - тоннелни топинг-чи! Тополмайсиз! Тоннель сувга ғарқ бўлган

Халқ тилида "Лимонарий", деб аталадиган жой. Қишлоқ хўжалиги институти ва СамПИ чорраҳаси, Тошкент халқа йўли





Бу Амир Темур кўчаси. Собиқ "Қозоғистон" кинотеатри ёнидаги аҳвол



понедельник, 31 августа 2015 г.

Футбол, Жалилов ва чипта

(Ушбу қоралама радиодастуримнинг навбатдаги сонида эфирга кетади)

Биласиз, 3 сентябрь пайшанба куни миллий терма жамоамиз ЖЧ саралаш босқичи 2-тур ўйини доирасида Тошкентда Яман терма жамоасига қарши ўйин ўтказади. 

Жамоамиз Тошкентда йиғинни давом эттирмоқда. Самвел Бабаян томонидан эълон қилинган 30 футболчидан иборат таркиб аста-секин тўлиб боряпти. Миллий чемпионатимизда фаолият юртадиган футболчилар сафига аввал Қозоғистондан Александр Гейнрих, Хитойдан Анзур Исмоилов, кейин Қатардан Сардор Рашидов ва Азиз Ҳайдаров келиб қўшилгани ҳақида хабар бергандик. Жанубий Кореядаги вакилимиз Сервер  Жепаров ҳам терма жамоа билан бирга. Россия чемпионатида ўзаро бир-бирига қарши ўйнаб, бири мағлуб бўлган, бири ғолиб бўлган икки ҳамюртимиз Виталий Денисов ва Одил Аҳмедов ҳам жамоа ихтиёрига қўшилиш учун йўлга чиққани маълум бўлди. Украинада ўтган турда клуби таркибида ғалабага эришган Санжар Турсунов ҳам терма жамоамизга қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, бош жамоамиз ҳар куни кечки пайт машғулотлар ўтказяпти. Кечаги кунгача Жар стадионида машқ қилган футболчилар энди Пахтакорга кўчишди. Самвел Бабаян, Равшан Ҳайдаров ва Деян Журжевич назорати ва бошчилигида футболчиларимиз бўлажак ўйинларга тайёрланмоқдалар.

Дарвоқе, ОТЖ бош мураббийи Виктор Жалилов ҳам ТЖМ қарорига кўра негадир МТЖ билан бирга. Словакиядаги ўртоқлик турнирида иштирок этиш учун учиб кетган олимпиячиларимизни Дилшод Нуралиев бошқарадиган бўлибди. Расман бош мураббий эса Тошкентда қолган. ЎФФ расмий сайтидаги шунга оид хабарда Жалиловнинг нима учун бевосита ўз вазифасини бажармаётгани ва МТЖ ихтиёрида қолгани борасида жўяли сабаб келтирилмаган. Шу ўринда савол туғилади: Жалилов ОТЖ бош мураббийими? Ундай бўлса уни Ўзбекистон кубоги ярим финал ўйинида Пахтакор захира ўриндиғида нима қилиб ўтирганига ким қандай изоҳ бера олади? Ўзининг асосий вазифаси қолиб МТЖда ишлаётганигачи? Биз бу саволларга мутасаддилардан тузукроқ жавоб чиқишига умид қиламиз.

Энди МТЖнинг кутилаётган ўйини олдидан майдон ташқарисига бир назар ташлаймиз. Яман билан ўйинга чипталар сотувга чиққан. Стадион кассаларида ВИП тоифаси 30 минг, оддийлари эса 15 минг сўм нархида сотилиши белгиланган чипталар яна чайқовчилар қўлида. ВИП тоифа чипталарга бу шоввозлар 50-60 минг, оддий трибуналар учун чипталарга 30 минг сўм сўрашяпти. Яна эски тоз, эски ҳаммом. Чипталар борасидаги бу муаммо неча йилдирки мавжуд ва бунга ҳеч ҳам барҳам берилмаяпти. Яқин орада барҳам берилмаса ҳам керак шу кетишда. Кассалар атрофида гирён юрган мухлисларни кўрдик. Уларнинг орасида бошқа вилоятлардан келганлар ҳам бор. Чиптани 2 баравар қиммат нархга олишга оғринаётганлар ҳам, кўзини чирт юмиб чайқовчига пул санаб бераётганлар ҳам бор. Ахир МТЖ ҳар куни ўйнайвермайди-да. Бунақанги катта ўйинлар учун ҳар қанча пул сарфласа арзийди, тўғрими?

Э йўқ, биродарлар. Бунақаси кетмайди. Халқ  бу сиз, мен, у. Халқ бу футболчилар, мутасаддилар, мутахассислар. Нега бир-биримизни алдаяпмиз? Ким назорат қилади бу бебошликни? Қачонгача мухлис ҳалол топган пулини текинтомоқларнинг қўлига тутқазади? Бундан ким манфаатдор? Чипталарнинг қўлга чиқиб кетишини ким назорат қилиши керак? Тўғри, жаҳон футболида ҳам бор бундай ҳолатлар. Биз кўп эшитганмиз, дейлик, Ла Лига ёки ЕЧЛ ўйинларига кассада чипта қолмай Мадрид ёки Мюнхен чайқовчилари 100 евролик чиптани 500 евродан пуллашганини. Ёки бир дўстим Туркияда Фенербахченинг ўйинини кўраман деб бировнинг номига ёзилган чиптани ўз нархидан 2 баравар қимматроққа сотиб олиб, катта таваккал қилганича турникета олдидан бир амаллаб бошига капюшон кийиб эгилиб ўтиб олган. Камера унинг юзини таниб қолмаслиги учун. Бўлади шундай ҳолатлар. Аммо ҳар ерда бор дегани бизда ҳам бўлиши керак, дегани эмас-ку. Жамият ўз ютуқлари билан мақтанаётганида дунёнинг илғор жамиятларидан андоза олади, уларга менгзалади. Келинг, таққосланаётганда фақат яхши томонларини олиб, ривожланишга, тартибга ўрганайлик. Ёмон томони бизга керак эмас-ку, тўғрими?

Чипталар билан қайси ташкилот шуғулланади, билмадим. Аммо ЎФФ ва ТЖМ ушбу масалани бир неча йилдирки ижобий ҳал қил(ол)майди. Оқибатда сиз бир ой ишлаб олган маошингизнинг чипта учун аталган қисми давлат ғазнасига тушса, устама нарх туфайли чўнтагингиздан чиқаётган яна бир қисми ноинсоф чиптафурушнинг чўнтагига тушади. Кимга зарар? Албатта сизга ва давлатимизга!


Ҳаётда адолат ғалаба қозонсин. Футболда кучлилар ғалаба қозонсин. Саломат бўлинг.

вторник, 11 августа 2015 г.

Афсонага айланган юлдузлар - Пахтакор-1979

Шарқликмиз, ўзбекмиз, муслиммиз. Табиий, бизда марҳумлар доимо хотирланади, ўлимидан сўнг ҳам эъзозланади. Ғарбдан фарқимиз шу. Сабаби, биз фоний дунёдан кейин боқий дунё борлигига (кўпроқ) ишонамиз ва ўтганларнинг руҳи шод, охирати обод бўлиши учун ибодатларимизда доимо уларнинг ҳаққига дуо қиламиз. Дуоларимиз Яратган даргоҳида қабул бўлишига, марҳумлар эса бу дунёда амали етарли бўлмаган бўлса, дуоларимиз етиб бориб уларга енгиллик беришига умид қиламиз. Демак, марҳумларни бот-бот эслашимиз шундан.

Яна бир сабаб – биз марҳумларни яхши кўрганимиз учун эслаймиз. Уларни ҳозирги бор кишиларга қиёслаймиз, яхши томонини қидирамиз, наздимизда ўтганлар борлардан кўра яхшироқ туюлаверади. Бу қўмсаш ностальгия, дейилади, балки. Аслида улар яхшироқ, зўрроқ бўлмагандир? Аввалги дамларни қўмсаш инсон сифоятида бор бўлгани учун бизга шундай туюлар? Ким билсин. Мен қўшилмаган бўлардим.

“Пахтакор”-1979

Ўша ҳалок бўлган жамоани мен зўрлар ичра зўр, деб биламан. Йўқ, улар ҳалок бўлгани ё мен уларни қўмсаганим учун эмас. Чунки мен у пайтда ҳатто туғилмаган эдим. Нима учун зўр? Собиқ СССР чемпионати салкам Шарқий Европа – Шимол – Осиё чемпионати эмасмиди? Ҳозирда Ўзбекистон чемпионатида чемпион бўлиш, ва ҳатто, Осиё ЧЛда муваффақиятга эришиш собиқ Иттифоқ чемпионатида кучли олтиликка киришдан кўра осонроқ, наздимда.  Ишончим комилки, дейлик, ўша Спартак, Динамонинг учтаси, Арарат ёки Қайрат ҳозирги Аш Шабаб ёки Чонбук Моторздан кучсиз эмас, камида бир бош устун бўлган ўз даври ҳолати билан менгзаганда. Ўша кучли чемпионатда ўз ўрнига эга бўлган, кучли олтиликка кира олган, эндигина юксалиб бораётган, Тошкентга ўйнаш учун келган жамоаларни хавотирга сола олган Пахтакор тарихдаги энг кучли Пахтакор – энг кучли Ўзбекистон терма жамоаси, дейишимга асос бор. Қайтараман, биз уларни вафоти туфайли ҳурмат сақлаш лозимлиги учун ёки фақатгина ностальгия учун эмас, росмана яхши бўлганлари учун эслаймиз. Ўша воқеадан сўнг жафокаш ўзбек футболи орқага кетмадими? Бутун Иттифоқ ҳудудидан гўёки ёрдам бериш учун чақирилган лўттивоз футболчилар жамоани жар ёқасига олиб келдилар. Тўғри, 1982 йилда ўша муваффақият яна такрорланди, лекин бу ҳолат аввалгисидан тубдан фарқ қиларди. Жамоа ўз тарбияланувчиларига таянишни бошлагунича орада 10 йилдан кўпроқ вақт йўқотилди. Ва мана энди Пятницкий, Қосимов, Кечинов, Магомедов, Денисов, Абдураимов, Кабаев каби иқтидорлар билан оғзимиз ошга етади, деб умид қилаётганимизда Иттифоқ йўқ бўлди.

Барча соҳаларда янги ҳаёт, янги орзу-умидлар йўлига чиқдик. Шукрки, мевасини кўряпмиз. Футболда ҳам. Аммо сўнгги йилларда ривожланаётгандек кўринган футболимиз аслида мажруҳ эканлиги ойдинлаша бораётган бир пайтда биз яна ва яна шонли Пахтакоримизни ёдга олаверар эканмиз. Сабаби, улар бизга эталон, ўрнак бўлиб қолган экан. Ўзбек футболи энг кучли бўлган тўртта даврни айта оламан, албатта шахсий фикрим бу – ўша 1970-йиллар охири, 1990-йиллар боши, аввалги ва янги асрга ўтиш даври ва 2010-2011 йиллар. Айнан шу даврларда футболимизда ўз номларини тарихга муҳрлаган кучли футболчилар ўйнаганлар. Покатилов, Ан, Фёдоров, Раҳматуллаев, Исоқов,  Красницкийдан тортиб Оганесян, Шквирин, Пятницкий, Абдураимовгача, ака-ука Шацких, Дўрмонов, Бозоров, Ирисметов, Бугало, Рўзимовдан то Жепаров, Гейнрих, Аҳмедов, Ҳайдаровгача. Лекин мана шу 4 авлод орасида энг кучлиси ва соғиниладигани 1979 йилда ҳалок бўлган футболчилардир. Ишонинг, футболчилар ҳақида афсоналар, ҳикоялар бежизга тўқилмайди, бекордан бекорга тилдан-тилга кўчиб юрмайди – улар ўлиб кетганлари учун эмас, балки росмана афсона бўлганлари учун. Ўлганларнинг ҳаммаси ҳақида афсона тўқилавермайди-ку ахир.

Ҳозир япон ёки форсга гол уриб хурсанд бўлиб юришимизни собиқ СССР таркибида Бразилия дарвозаси тўрини тешган Красницкий ёки дриблинглари билан Европани ҳайратга солган Фёдоров кўрса балки мийиғида кулиб қўйган бўларди. Афсоналар даражаси бошқа бўлган барибир. У рақиблар қайда-ю, бу рақиблар қайда.

Инсон ҳаётини мотамга буркаши маъқул эмас. Ўтганларни эслаб куюниш жоиз эмас. Аммо биз барибир эзиламиз, унсиз йиғлаймиз – футболимиз ҳар сафар тарсаки еганида ўша юлдузларимизни эслаймиз. Ўшалар ҳаёт бўлганида эди, деб хўрсинамиз. Аммо токайгача? Истардикки, ўтганларимизни ҳозир бўлаётган афсусли ҳолат туфайли эмас, шунчаки уларнинг ҳаққига дуо ўқиб қўйиш учун эсласак. Уларни ёдга олганда ҳозир майдонга тўп тепаётганларнинг зўр ўйинларини кўриб юзимизда табассум билан хотирласак. Қани эди, қани эди...

1979 йилда ҳалок бўлган пахтакорчилар:
Идгай Борисович Тазетдинов – Мураббий
Владимир Василевич Чумаков – Шифокор
Мансур Иномжонович Толибжонов – Маъмур
Футболчилар
Михаил Ан
Владимир Фёдоров
Олим Аширов
Равил Агишев
Константин Баканов
Юрий Загуменних
Александр Корчёнов
Николай Куликов
Владимир Макаров
Сергей Покатилов
Виктор Чуркин
Сирожиддин Бозоров
Шуҳрат Эшбўтаев
Владимир Собиров.



понедельник, 20 апреля 2015 г.

Кўзингни оч, Ўзбек!

Менинг бобом бор. У 1941-1945 йиллардаги урушда қатнашмаган. У фронт ортида меҳнат қилган. Қилган меҳнатлари учун уни ўша пайт ҳукумати тақдирлаган. Ҳар йили 9 май куни биз бобомни кўргани борамиз. Биз - бу бобомнинг фарзандлари, неваралари, эваралари, чеваралари ва ҳ.к. Уни кўргани қўни-қўшнилар ҳам чиқишади. Узоқ-яқиндан ўқувчилари ҳам шу куни ташриф буюришади (бобом ўқитувчи бўлган).

Мен бобом билан бўлган суҳбатларда уруш ва уруш орти ҳақида кўп нарсаларни эшитганман. Бобом менга сўзлаб берган ҳикоялар бор ҳақиқат. Кўпчилигимиз билмайдиган нарсаларни билади у. Уруш ҳақидаги бадиий ва ҳужжатли фильмларда келтирилмаган воқеалардан хабардор у. Ўзи фронт орти меҳнаткаши бўлса ҳам, фронтда бўлган воқеалардан ҳам хабардор. Чунки ўзидан 5-6 ёш каттароқлардан - қўшнилар, маҳалладошлар - уруш кўрганлардан кўп нарса эшитган. Бобом - тирик тарих.

Бобомдан эшитганларим ва ўзимнинг тафаккуримни чоғиштириб бир масала устида бироз фикр юритдим. Ҳар йили 9 май кунига яқинлашар эканмиз юртимизда мана шу кун шукуҳи сезила боради. Буни бинолар пештоқлари, баннерлар, телевидение ва радио, умуман, ОАВ сездириб туради. Одамларнинг ўзлари ҳам. Сўнгги пайтларда урф бўлган машинани мавзувий безатиш, кийимларига лента тақиб олиш ҳам 9 май кунига монанд. Ана шу ерда дилни хира қиладиган жиҳат бор.

Эй, ўсиб келаётган авлод! Эй, нотўғри тушунча сиканжасида қолиб кетган манқурт ўрта авлод вакили! Қуйидагини диққат билан ўқинг.

Аввало, 1941-1945 йилларда бўлган уруш номи Улуғ Ватан уруши эмас, Иккинчи жаҳон уруши! Чунки биз учун собиқ СССР улуғ ватан бўлмаган, улуғ ватан эмас. Ўша пайтда шундай сингдирилган мафкура бугунга келиб ўз моҳиятини йўқотганини ҳанузгача тан олмаётганларни тушунмайман. Русийзабонлар-ку майли, уларнинг тушунчаси ўз йўлига, билганларини қилсинлар. Аммо орамиздаги миллатдошимиз кўр-кўрона уларнинг ортидан эргашаётганини кўриш ачинарли. Бу нимада намоён бўлмоқда? Энг биринчи кўзга ташланадиган нарса - Георгий лентаси, деб аталмиш бир парча латтада. Бу латтани излаб юрганларини, машиналарига, кийимларига тақиб олганларини кўриб ҳайрон қоляпман. Юртдошим, миллатдошим, ушбу лентанинг тарихини билиб олсангиз ёмон бўлмасди. Ушбу орденнинг ва у билан боғлиқ лентанинг пайдо бўлишига Иккинчи Жаҳон уруши эмас, умуман бошқа уруш сабаб бўлган: 26 ноябр 1769 йили Россия императрицаси Екатерина Иккинчи томонидан алоҳида декрет (буйруқ) асосида ташкил қилинган Авлиё Георгий ордени 1768-1774 йиллардаги рус-турк уруши билан боғлиқ ордендир. Орден ҳарбий унвон статусига эга бўлган, фақат рус армиясининг ҳарбий офицерларига берилган. XIX аср иккинчи ярмида Чор Россияси Туркистон ўлкасини босиб олган вақтидаги қирғину тўполонлар, қатағону хунрезликларни уюштирган, кўплаб миллатдошларимиз - сизу бизнинг буви-буваларимизни қатл қилган, оммавий қирғинлар ижрочиларига Чор Россияси ҳукумати томонидан берилган кўкрак нишони - орден айнан сиз ҳозир Георгий лентаси, деб атаётган тасма билан топширилган. Яъни, ҳозир сиз билиб-билмай кўксингизга фахр ила илаётган лента айнан сизнинг бобонгиз ва бувингиз, ёки уларнинг ота-онаю буви-буваларини қатл қилганларнинг кўкрак нишонидир. Ишонмаслигингиз, қарши фактлар келтиришингиз мумкин. Марҳамат. Фақат ундан олдин ақалли Google тармоғига бир изланиш бериб кўринг.

Эътиборингизга сўзларим исботи ўлароқ суратлар келтираман.







Бу Георгий лентаси ва ўша медаллар.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: генерал-лейтенант Герасим Алексеевич Колпаковский – Ўрта Осиёнинг мустамлакага айлантирилишига энг катта ҳисса қўшган ҳарбийлардан бири. VI ва III даражали Авлиё Георгий орденлари соҳиби. Қўқон хонлигининг Россияга қўшиб олинганини эълон қилган.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: Михаил Дмитриевич Скобелев – Фарғона ҳарбий губернатори. II, III ва IV даражали Авлиё Георгий орденлари соҳиби. Шунингдек, “Хива юриши учун” ва “Қўқон хонлигини забт этгани учун” медаллари билан тақдирланган.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: Романовский Дмитрий Ильич – Ўрта Осиёни қонга ботирган генераллардан бири. Бухоро амирлиги армиясига қарши ўтказган жанги учун III даражали Авлиё Георгий ордени билан тақдирланган.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: генерал Михаил Григорьевич Черняев. Тошкентни ишғол қилган бу “зот”ни ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ. III даражали Авлиё Георгий ордени соҳиби.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: Константин Петрович фон-Кауфман – Ўрта Осиёнинг мустамлакага айлантирилишига бошчилик қилган. II, III ва IV даражали Авлиё Георгий орденлари соҳиби.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: Иван Фёдорович Бларамберг. 1851 йил 26 ноябрда IV даражали Авлиё Георгий ордени билан тақдирланган. 1852 йилда эса Қўқон хонлигига қарши ҳарбий ҳужумларда кўрсатган хизматлари учун генерал-майор унвони билан сийланган.

Билиб олдингизми, Георгий лентасининг маъносини? Бу лента кимлар томонидан тарқатиляпти? Ким бундай пропаганданинг ортида? Ахир бу лентани Ўзбекистонда бирор трикотаж цехи тикиб чиқармаётгандир? Россия турли масалаларда бизнинг ҳамкоримиз, аммо унинг бундай иши - ўз ғоя ва мафкурасини бизнинг халқимиз онгига сингдириш учун ҳаракатини мен қаттиқ қоралайман. Шу билан бирга, бунга эргашаётган саводсиз, оми, ким нима деса лаққа тушиб кетаверадиган гўл кишиларни ҳам қоралайман. Эски совет тузуми даврида яшаб, ўша тузумни севиб, севгисидан воз кечмай, асил ҳақиқатни кўргиси келмаётган "коммунист" юртдошларимни ҳам қоралайман. Бу масалада биз ўзбекларни қолоқ санаб, устимиздан кулмоқчи бўлаётган русийзабонларни ҳам қоралайман.


Дарвоқе, МДҲ давлатларидан Беларусь (http://by24.org/2015/04/17/no_more_colorado_ribbons_in_belarus/), Украина (http://newsru.com/world/06may2014/9maycoloradoffukr.html), Қирғизистон (http://vz.ru/politics/2015/4/7/738611.html) Георгий ленталаридан воз кечибди.

Жаноблар, лентангизни олиб қўйинг. Ўзингизга сийлов. Бизга у керак эмас. Биз сизларнинг ноғорангизга ўйнамаймиз. Биз учун 9 май - Хотира ва қадрлаш куни. Бу кун биз нафақат Иккинчи жаҳон урушида она заминимизни ҳимоя қилган, уруш майдонларида жон фидо қилганларни хотирлаймиз, балки барча ёши катта, кекса, ногирон, ёрдамга муҳтож, борингки, ким эътиборимиздан муштоқ бўлса, ўшаларни хотирлаймиз, қадрлаймиз. Яна айтаман - лентангизни олиб қўйинг!

Ўтганларнинг охиратлари обод бўлсин! Қолганларнинг умрлари зиёда бўлсин. Шу Ватан учун, шу замин учун борини берган отахон-онахонларимизга соғлик-саломатлик тилайман!


P.S. Валентин куни ва Хэллоуин аталмиш аҳмоқона байрамларни оммавий нишонлашни йўқота олган ҳукумат Георгий лентасини оммалаштиришга ҳам чек қўя олишига ишонаман.

суббота, 18 апреля 2015 г.

Ўғрилик эмас, аммо тўғрилик ҳам эмас!

Аввалги блогпостни ўқидингиз. Бу борада менга championat.asia сайти вакили Нодирхўжа Юлдашев Facebook ижтимоий тармоғи орқали мурожаат қилди. Унинг айтишича, бизнинг номимиздан Акмал Мирзо овоз берган экан. Қуйида скриншотлар:



Келинг, аввало Акмал Мирзонинг кимлигига тўхталсам (орангизда билмайдиганлар ҳам бўлиши мумкин). Акмал Мирзо Орият Доно радиосининг бошловчиси, турфа оригинал лойиҳалар муаллифи, шоумен, турли тадбирлар, маросимлар, концертларда бошловчилик қилиши билан ҳам танилган иқтидорли йигит. 

Ана энди савол: Ўзини профессионал санайдиган ПФЛ ва championat.asia сайти ойнинг энг яхшиларини аниқлаш учун журналистика эмас, шоу-бизнес вакили бўлган одамдан овоз олишга ҳақлими? Регламентда қандай ёзилган? У ерда ОАВ вакили, деган атама наҳотки бошловчиларга ҳам тааллуқли бўлса? 
Иккинчи савол: Овоз олиш системаси қандай йўлга қўйилган? Ижтимоий тармоқларда ўтириб ҳам овозни қабул қилса бўладими? Мана, масалан, мен Фейсбукда ўтирибман. Дабдурустдан ПФЛ ёки СА вакили мессенжер орқали алоқага чиқди ва ҳеч вақони тушунтирмай мендан ўзи танлаган футболчиларга овоз беришимни сўради. Ғалати эмасми? Акмал Мирзо бундай сўровноманинг мавжудлиги ҳақида қулоғининг бир учи билан эшитгандир ҳам, аммо у бу сўровнома қай шаклда, қай тартибда ўтказилиши, унда кимлар овоз бериши мумкин-у, кимларнинг овози қабул қилинмаслигини қаёқдан билсин? Хўп, овозни мессенжер орқали олиш ҳам мумкин, дейлик (замона зайли, ҳар ҳолда). Аммо нега худди шундай мессенжердан фойдаланадиган мен ёки Жамшид Назаровга эмас, айнан Акмал Мирзога мурожаат қилинди? Нодирхўжа Юлдашев блогпост ёзилган куннинг эртасига Фейсбук мессенжери орқали мен билан алоқага чиққанини ҳисобга олсак, демак унда менинг контактларим бор. 
Йўқ, йўўўўўқ, тағин ўйламанг, бу киши ўзидан овоз олишмагани учун хафа бўлиб ана шу блогпостни ёзган, алам қилибди, деб. Асло ундай ўйламанг! Менга бу илтифот ва мақомнинг кераги йўқлиги сизга ёлғон бўлса, Ўзига чин.

Гап бу ерда мен ишлаётган ташкилотга бўлган, мамлакат футболининг энг яхшиси бўлишга лойиқларга бўлган, журналистикага, ҳамкасбларга бўлган муносабатда. Наҳотки ўзини профессионал, деб биладиган ПФЛ ва СА ташкилотлари шундайин кулгили ишни қилсалар? Юмшоқ қилиб айтганда, хунук иш. Хайрли иш ундай бошланмайди. Мана сизга сўровнома уюштиришни ОАВ ихтиёрига топширишнинг натижаси.

Бу сўровнома ПФЛ ва championat.asia ҳамкорлигида ўтказилиши ҳақидаги хабар ёдингиздами?
Мана скриншотлар:



Ана ўша ерда ёзилганки, Ориат Доно радиосидан овоз бериш учун "Футбол хабарлари" дастури танланган. Яъни, шу дастур вакили овоз бериши мумкин. Лекин бизда бундай номдаги дастур йўқ. Ҳа майли, майда-чуйдага эътибор бермаймиз, балки сўровнома ташкилотчилари "5 дақиқа футбол" дастури ёки "Майдон маркази" радиошоусининг номини била олмай, шундай номлаб қўя қолгандирлар. А нима бўпти, футбол бор, хабарлар бор, тўғрими?

Хўп, мана шу скриншотдаги хабарда айтилган гапга риоя қилинганида Акмал Мирзога мурожаат қилинармиди? Акмал Мирзо футбол дастурлари муаллифи эмаслиги ва журналист эмаслигини овоз қабул қилаётган одам билмаганига унчалик ишонгим йўқ.
Энг қизиғи ва ачинарлиси, championat.asia ўз твиттер аккаунтида қуйидагини ёзган:


Унақа эмас-да. Шу ишни овоз берилган, деб ҳисоблаш уят эмасми? Сиз нега ҳеч кимга айтмай, ими-жимида Акмал Мирзодан - сўровномангизу футболда нималар бўлаётганидан унчалик ҳам хабари йўқ одамдан овоз олдингиз? Бундан кўзланган мақсад нима? Акмал Мирзо Владислав Иванов ёки Ботир Носировни қайдан танисин? Александр Хомяковни қаердан танисин? Бу гаплар ҳамкасбимни хафа қилиш учун айтилмаяпти. Акмал Мирзо ўз соҳасининг етук кишиси ва унга бу соҳада унча-бунчаси рақобат қила олмайди. Шу билан бирга у футболда нималар бўлаётганини мен ёки, мисол учун, Олимхўжа Бўронов ва Шуҳрат Шокиржоновчалик билмайди, бу ўйинни Қаҳрамон Аслановчалик тушунмайди. У футболга қизиқади, мухлислик қилади. Аммо Хомяков жамоасининг ё Носировнинг ҳар бир ўйинини кузатиб борадиган даражада эмас. Бунга унинг вақти ҳам йўқ. Хўш, шундай экан, бехабар кишидан овоз олиш қайси ўлчамларга тўғри келади? Демак, сизлар ўтказаётган сўровнома ҳаққоний эмас эканда?

Акмал Мирзо билан бу борада шахсан суҳбатлашдим. Унинг жавоби қуйидагича: Менга сўровнома ўтказилаётгани ва танланган футболчилар ва мураббийларни ўринларга қўйиб чиқишимни сўраб Фейсбук орқали мурожаат қилишди. Овозим радио номидан қабул қилинишини билмагандим. Менга алоқага чиққан йигитни 1-2 марта стадионларда кўргандирман, аммо шахсан танимайман.

Мен ҳамкасбимнинг гапларига 100% ишонаман. Демак, бўлиб ўтган воқеадан келиб чиқадики, сўровнома ташкилотчилари дуч келган одамдан овоз олишлари ва натижага таъсир кўрсата олишлари мумкин экан-да? Бу ерда ҳамкасбимдан ўтган жойи ҳам бордир. У аввало сўраб-суриштириши, масаланинг тагига етиши лозим эди, дерсиз. Аммо воқеадан узоқ қишига бунинг нима қизиғи бор? Мен ҳам, балки, унинг ўрнида бўлганимда "мендан овозимни сўрашяпти, демак, мени танишади, уларга овозим керак экан, майли, бераман", деб ўйлаб, овоз бериб юборардим. Регламентни билмаганимдан кейин тартиби билан неча пуллик ишим бор, тўғрими? Бу гўё кўчада сизни, дейлик, бирор шоколад ёки қаҳва ишлаб чиқарувчиси вакили тўхтатиб "шоколадимиздан (қаҳвамиздан) татиб кўриб, ўз фикрингизни мана шу варақага қайд этсангиз", деб сизга мурожаат қилгандек гап-ку. Еб кўрасиз ва ёзиб қўясиз - "Фикрим ижобий"!

Хуллас, шунақа гаплар. Мен тушунаман, ниманидир бошлаш осон эмас. Ишламаган одамгина танқид қилинмайди. Аммо бу иш энди бошланмади. Бу сўровнома мисоли конвейер - неча йиллардан бери ўтказиляпти. Бу борада Ўзбекистон тажрибаси, жаҳон тажрибаси бор. Ташкилотчилар бор-йўғи ишлаб турган линияни ўзлариники қилиб олишди, холос. championat.asia сайти эса анчадан бери бу каби сўровномаларда иштирок этади. Демак, улар биладилар сўровнома қандай ўтказилади, овозлар қай тахлит қабул қилинади ва ҳ.к. Бўлиб ўтган ишни нима деб аташни билмайман. Эътиборсизликми? Менсимасликми? Нопрофессионалликми? Балки ҳаммасидир?

P.S. Орият Доно радиосининг "5 дақиқа футбол" дастури ҳозирча бу сўровномада қатнашмай туради. Биз жараённи кузатамиз.

пятница, 17 апреля 2015 г.

Ўғриликми бу ё...?

Дунёда кўплаб ёлғонлар туғилади. Ҳар куни. Ҳар дақиқа. Баъзиларига қараб туриб уни ҳақиқат, деб ўйлаб қоласан. Шунчалик ҳақиқатмонанд кўринади, алҳазар. Ёлғонни тўқиётган одамнинг моҳирлигига тан берасан. Шундай вазиятлар бўладики, ёлғоннинг ёлғонлигига эътибор беролмай қоласиз. Чунки ёлғон гап/мақола/хабар шунчалик ўралган, алқанган, севилган, ялтиллатилган бўладики, унинг чин ё алдов эканлигига эмас, ўша ярқиллоқ мавзусига чалғийди киши.

Гапни чўздим. Тарки одат. Лекин юқоридаги кириш сўзисиз сизга етказмоқчи бўлганимни етказолмасдим.

Мен футболни яхши кўраман. Шунингдек, ўз ишимни ҳам. Мени журналист, деб биладиганлар ҳам, оддий қаламкаш, деб қабул қиладиганлар ҳам етарли. Футболни яхши кўраманми, демак, шунинг ичидаман. Ичидаманми, демак, стадионларга бораман, кимгадир мухлисман, кимнидир ёқтирмайман. Яхши кўраманми, демак, онда-сонда ёзиб тураман. Радиода муаллифлик дастурим бор, турли интервьюлар, суҳбатлар уюштираман. Футболни яхши кўраман, у ҳақда ёзаман, эшиттиришлар тайёрлайман, шунинг учун турли номинацияларда овоз беришни, бирор турнирнинг, чемпионатнинг - ойнинг, йилнинг энг яхшиларини аниқлашда ўз овозим билан иштирок этаман. Керак бўлса, мустақил журналист бўлиб, керак бўлса, иш жойим номидан, керак бўлса, таҳририят номидан қатнашаман. Ўзим ҳақли, деб билган, яхши ўйнаган номинантларни танлайман, гоҳида симпатиямга қараб ҳам овоз бераман. Овозим меники, ўзимники. Менинг номимдан бошқа одам овоз бера олмаслигига ишонаман. Чунки Бобур Акмалов менман. Фаолиятимда бундай ҳолат бўлмаган ҳеч ҳам. Бўлмаса ҳам керак (адашдим-ов). Бировнинг ҳам овозини ўғирламайман. Бировнинг номидан овоз ҳам бермайман. Нима қиламан, Ўзим турганимда Бировнинг номидан иш юритиб, тўғрими?

Биласиз, ҳар йили мен яхши кўрган футболни ўйнайдиган ва мен яхши кўрган футболни ўйнайдиганларни ўйнатадиганлар орасида энг яхшилари аниқланади. Йил якунида ўша яхшиларга Юртнинг Энг Яхшиси, деган ном берилади. Унгача эса ҳар ойда энг яхшилар аниқланади. Ана шу ой ва йилнинг яхшиларини мен ва бошқа ҳамкасбларим ўз овозлари билан аниқлаб беришади. Бу сўровномани ҳар йили Ўзбекистон Футбол Федерациясининг (кейинги ўринларда ЎФФ) матбуот хизмати ўтказарди. Гоҳида ундоқ, гоҳида бундоқ, хуллас, баҳоли қудрат ўтказиб келинаётганди сўровнома. Ҳар йили кимдир энг яхши мураббий ёки энг яхши футболчи бўларди. Қисқаси, ҳаммаси бир маромда кетаётганди.

Бу йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси ва мураббийи номини аниқловчи ташкилот Профессионал (!!!) Футбол Лигаси (кейинги ўринларда ПФЛ) бўлди. Бир қарашда оддий ҳол. Алоҳида расмий ташкилот. Олий, биринчи ва иккинчи лигамизнинг раҳнамоси. Чемпионат, кубок ва суперкубок ўйинлари ана шу ташкилот раъйи асосида ўтказилади. Аммо...

Аммо бу йилдан ушбу совринни, номинацияни ўтказишни ўз зиммасига олган ПФЛ ҳамкор сифатида ҳамма овоз берувчи ОАВ каби оддий ОАВ - championat.asia сайтини танлади. Энди ҳамма қатори оддий ОАВ юртим футболидаги энг зўрларни аниқлар эмиш. Жудаям ғалати қарор. Тушунган бўлардим, ўша сайт ўзи бирор номинация жорий қилса ва унга ҳамкор сифатида бирор ташкилотни таклиф қилса. Аммо бу соврин ЎФФники эди-ку. Нега Али ёки Вали, Эшмат ёки Тошмат бу совринга ҳаммуаллиф бўлмади-да, Қулмат ҳаммуаллиф бўлди? Бунга бош қўшиш учун Қулмат нима қилди? Эшмат, Тошмат ёки Девона мана шундай мақомга эришиш учун нима иш қилиши керак? Қизиқ, энди Алию Валилар ўзига рақобатчи саналган ҳамкасблари олдида қулмат бўлиб, овозларини унинг элагидан ўтказишга рози бўладиларми? Саволларим кўп. Шу ерда тўхтатақолай. Мени ушбуни ёзишга ундаган ээээнг асосий масала бу ҳам эмас. Кейинги хатбошига (абзацга) қаранг.

championat.asia сайтида хабар чиқди. Айни хабар ПФЛ расмий сайтидан олинган экан. Ёки бўлмаса ҳар икки сайтда бир хил нарсани битта одам ёзган. Э, майли, нима фарқи бор, ахир иккала объект ҳам ҳамкор-ку.



Хўш, муддаонг не бу скриншотларни қўйишдан, дейсизми? Сабр қилинг. Кейинги скриншотларни томоша қилинг (та-да-да-дааааам - бу тантанали мусиқа, миянгизда чалиб оларсиз). 

Ия, бу нима? Ҳа-я, бу март ойининг совриндорлари рўйхати. Бу ҳам керак. Аммо боя сизга мусиқа чалдиришда адашибман. Сал шошибман. Мана энди мусиқа - фанфары (чалиб оларсиз)!



Кўряпсизми? Рўйхатни ўқинг. Бу скриншотда ким кимга овоз бергани ёзилган. Рўйхатдан ОРИАТ Доно радиосини топинг. Топдингизми? Овозларимизни кўряпсизми?
Ана энди асл мақсадга етиб келдим. Билиб қўйинг, БУ БИЗНИНГ ОВОЗЛАР ЭМАС! Ҳа, БУ БИЗНИНГ ОВОЗЛАР ЭМАС!! Яна қайтараман, БУ БИЗНИНГ ОВОЗЛАР ЭМАС!!!
Бу овозларни биз бермаганмиз. ПФЛ ва championat.asia сайти томонидан ўтказилган Ўзбекистоннинг 2015 йил март ойидаги энг яхши мураббийи ва энг яхши футболчисини аниқлаш учун ўтказилган сўровномада БИЗ ИШТИРОК ЭТМАГАНМИЗ!!!

Савол: Қаердан келди бу овозлар? Ким биздан бу овозларни қабул қилди? Қайси манзилга юборганмиз бу овозларни? Қайси электрон ёки анъанавий почта манзилига юбордик? Қайси санада юбордик? 

Овоз юборишда биз ўзимизнинг расмий бланкимиздан фойдаланамиз. Унда бизнинг ташкилот номи, юридик манзили, телефон рақамлари кўрсатилади. Унда овоз берувчининг номи ва имзоси бўлади. Қани, бизга кўрсатинг, муҳтарам ПФЛ ва championat.asia сайти, қани ўша бланк??? Қани???

Овозларни беришимиз учун қайси биримизга мурожаат қилишди? Мен, яъни, ОРИАТ Доно радиоси янгиликлар бўлими ходими Бобур Акмаловгами? Мен, яъни, ОРИАТ Доно ижодий гуруҳи етакчиси Бобур Акмаловгами? Ёки ОРИАТ Доно янгиликлар бўлими раҳбари, муҳаррир Ҳожимурод Отақуловга мурожаат қилишдими? Ёинки ОРИАТ Доно янгиликлар бўлими ходими Жамшид Назаровгами? Кимга мурожаат қилдингиз ва кимдан олдингиз бу овозларни? Сўровномада қатнашиш ваколати мана шу уч кишида бор. Мен хато қилмаслик учун, ҳар эҳтимолга қарши, ОРИАТ Доно директори Бахтиёр Усмоновдан ҳам сўрадим - сизга мурожаат қилишдими? Йўқ, деган жавобни олдим. Ана энди саволларимга ПФЛ ва championat.asia сайтидан жавоб кутаман. Жавоб кутамиз. Расман. 

Сўнгсўз.
Бунинг номи нима экан, а? Плагиатми? Йўўўқ. Ғийбатми? Йўўўқ. Туҳматми? Билмасам. Ўғриликми? Яна билмадим. Сохталаштиришми? Шунга ўхшаш, шекилли. Кўзбўямачиликми? Ўўўў, топдим! Балки ҳаммасидир?! Мана шу атамаларнинг ҳаммасини ишга солган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида қандай чора кўрилади? Буни юристлар аниқлагани маъқул. Мен бир оддий овоз берувчи бўлсам. Овози олинмаган овоз берувчи. 

Яхши ишни бошлаганда яхши ният қилинади. Аммо бошланган ишнинг яхшилигига ҳам, ниятга ҳам шубҳам бор. Бошланишиданоқ мана шундай кўзбўямачилик қилишга уларни нима ундади? Ваҳобов керакми сизга ё Шквирин? Ё бошқа нарса керакми? Машҳурлик керакми?

Саломат бўле-е-е-енг!!!