четверг, 27 ноября 2014 г.

Одамзод қизиқ

Одамзод қизиқ. 
Таксига кетадиган 20-30 мингни кўзим қиймай бировнинг номидаги машинани ҳайдаб чиқдим. Йўлда ДАН ходими тўхтатди. Тафсилотларга берилмайман, аммо йўл қўйган хатоларимнинг умумий миқдори 2 миллион сўм атрофида баҳоланди. Ходим билан келишиб ўша миқдорни 300 минг (тахминан) сўмга туширдим. Энди қаранг: йўлга чиқмасдан олдин неча пулни кўзим қиймаганди? Ўша пулдан 10 баробар кўпига тушдимми? Лекин ўша 300 мингдан 7 баробар кўпига тушишим мумкинмиди? Айтингчи, хафа бўлайми ё шодон юрайми?
Одамзот қизиқ.

воскресенье, 16 марта 2014 г.

1 ZAZ = 2 Nexia


Ия, блогдаги биринчи қораламани ёзганимгаям анча бўлиб кетибди-ку. А бундоқ эслатвормайсизларми, сендаям блог бор, ёзиб тур, деб. :-)

Хуллас, иккинчиси кепқолди. Олдиндан айтиб қўяй, блогда неки ёзган бўлсам/ёзсам, ҳаммаси бир чеккаси менга тақаладиган гаплар, яъни, ўзимдан ўтгани.
Кеча @Feruzaxon (у сизга таниш, аввалги постимда ҳам эслаб ўтганман) менга бир савол билан мурожаат қилди: "Нима учун ўзбек автомобиллари ташқи бозорда арзону, ички бозорда қиммат?"

Эҳ, Ферузахон, авто оламидан узоқда эканлигингиз дарров маълум бўлди-қўйди. Нафақат авто, балки... Майли, чуқурлашмай қўяқолай.

Мени ҳам шу савол қийнайди. Ўзим янгиликлар, хабарларни халққа етказаман. Автомобилсозлик, хусусан, шонли GM Uzbekistan концернига оид хабарларни тингловчиларга мунтазам етказиб тураман. Яқинда ўқидим: Украинада афсонавий Нексия автомобилларимиз сотилмай, уларга чегирмалар эълон қилинган, шунда ҳам харидор кам, автосалондагилар норози. Яна ўқидим: Россиялик автоэкспертлар бизга Нексия моделининг нархини қайта кўриб чиқишни тавсия қилишибди. Эмишки, 30 йиллик Opel анча эскирди, қанча рестайлинг қилманг, замон талабига жавоб бермайди - бу бир, унга қўйилган нарх қиммат - бу икки. Эътибор беринг, гап Россия ва Украина бозорида энг минимал нарх - 7000-7500 $ ҳақида кетяпти. Тасаввур қиляпсизми? Агар Ўзбекистонда ана шу нархга сотилса эди, @shokirjonov таъбири билан айтганда "Иссиқ перашкадай кетарди".

Гап фақат Нексия моделида эмас. Экспорт қилинаётган неки модель борки, барчасининг нархи ўзимизда қиммат, ташқарида арзон. Балки бунинг мен билмайдиган бир синоати бордир, сири бордир, бизга ҳар томонлама фойдаси бор ўта нозик жиҳати бордир? Билмадим. ташқарига сотилаётган нархи ҳақидаям гапирмадим, дейлик. Нега ички бозордаги нарх ҳар йили ошаверишини кимдир тушунтириб бероладими? Экспорт камайганининг нисобини, ички бозорга нархни ошириб, тўғрилаб қўйишми бу? Яна билмадим.

Эҳтимоллар кўп. Албатта, машина ишлаб чиқараётганда халққа уни вақтида етказиб бериш, талаб ва таклиф мутаносиблиги ҳисобга олинади. Лекин бизда сунъий тақчиллик вужудга келтирилганки, буни барча кўриб, билиб турибди. Кўчада юрсангиз одамлар шу ҳақда гапиришади, аммо расман биров чурқ этмайди.

Шапка, қалпоқ, кепка... Битта машина олиш учун фалонча "шапка" бериш керак. Расмий исбот талаб қилманг, исталган салонга боринг, кўрасиз. Бормасангиз ҳам бўлади, биласиз шундоқ ҳам. Хуллас, "шапка" атамасини ҳамма тушунади. Аммо ахборот манбалари бу ҳақда маълум қилишмайди. Расман бизда ҳаммаёқ гўзал, фаровон, мўл-кўлчилик. Мамлакатимиз Президенти ҳар чиқишида очиқликка, ошкораликка, ҳеч кимдан қўрқмай, чўчимай дадил фикр билдиришга чақиради. ОАВни, фуқароларни фаолликка, жамиятни қуртдек кемираётган муаммоларни очиқ айта олишга чақиради. Бу борада сўнгги 2-3 йилда сезиларли силжиш кузатилмоқда. Аммо...

Яна бир факт: Тошкент кўчаларида ZAZ Forza (Chery) автомобиллари кун сайин кўпайиб боряпти. Биздаги сотилиш нархи 13200 $. Хўш, агар бизнинг авто ишлаб чиқарувчилар юртимизга валюта келиши каби хайрли мақсадда машиналаримизни четга сотяпти, дейлик. Нексия 7000-8000 $, Жентра 14000-15000 $ ва ҳоказо. Ўзингиз ўйланг, 7500 $ валюта киряпти, аммо ЗАЗ сотиб олган ҳар бир киши четга деярли иккита Нексия баҳосига тенг валюта чиқариб юборяпти-ку. Жентра ё Кобальт четда сотиляпти, валюта кириб келяпти, аммо деярли шунча валюта ЗАЗ ёки ВАЗ сотиб олиш орқали четга чиқиб кетяпти-ку.

Тўғри, бу ҳам ўйлаб қилинган ишдир. Ўзаро товар айирбошлаш, мамлакатлар орасидаги келишувларнинг нозик жиҳатлари бордир. Шу ўринда яна @shokirjonov'ни эслайман, аниқроғи, ундан иқтибос келтираман: "Демпинговая политика. Машинани арзон сотамиз, запчастларини қимматга сотамиз. Немислар Мерседесни Голландиядан олиб минишар экан". Мана, бу ҳам бир сабаб. Бундай сиёсатдан хабарим бор. Аммо 2 Нексия  = 1 ЗАЗ тамойилини барибир тушунмайман. Қайтараман, кўпчилик Нексиядан кўра ЗАЗни афзал кўра бошлади. Чунки ЗАЗ замонавийроқ, нархи ҳам ички бозордаги Нексиянинг нархи билан деярли тенг.

Эҳ, билмадим. гапирса гап кўп. Лекин ечими сизу бизга боғлиқ. Агар балиқ бўлиб яшайверсак Ферузахон кабиларнинг шу тахлит саволлари кўпаяверади. Биз эса ўзаро шивирлашиб юраверамиз. Гўё ёмон гап айтяпмизу, бунинг жавоби бордек. Э, қўйсангизчи. Агар муаммони ошкор қилсангиз, унга қарши курашсангиз, раҳмат, дейишади сизга мутасаддиларимиз. Тўғри эмасми?

P.S. Блогдан постлар ва/ёки иқтибослар олиш учун мендан рухсат олишингизни сўрайман. Рухсат берилгач эса манба кўрсатилиши керак.

вторник, 11 февраля 2014 г.

Тилимни ҳурмат қилинг, ҳурматли!

Блог очдим. 140 белгидан ошиғини тан олмайдиган Твиттерга ҳамма фикрларим ҳам сиғмай қолади. Кимгадир ҳавас учун эмас, шунчаки, келажакда ўтмишдаги ўзингни, ўтмишдаги фикрларингни ўқиш қизиқарли. Қолаверса, кимгадир фойдаси тегар. Қисқаси, архив, дейлик.

Дастлабки ўйларим тил ҳақида бўлади. Ўйларимни шу ерга "ёяман". Мавзу яхши, фикримча. Ҳар ҳолда илк блогпостинг аллақандай енгил-елпи ёки нокерак мавзу эмас, салмоқлироқ, арзирлироқ мавзу бўлгани яхши-да (бу мақтаниш эмас).

Хуллас, гапни чўзмай, индаллосига ўтаман. Эрталаб ишга, одатда, йўналишли таксида (маршрутка) бораман. Бугун ҳам тарки одат бўлмади. Кетаётсам икки қиз чиқди. Кўринишидан ўзбек. Ўзаро гаплашиб кетишяпти. Рус тилида. Яна яхшилаб қараб олдим уларга миллатини ўзим учун тасдиқлаб олиш ниятида. Орадан бироз ўтиб забонлари билан ўзлариям тасдиқлаб қўйишди. Аралаш тилда гаплашишяпти. Mix - русча ва ўзбекча. Мен қарши эмасман (қолаверса, менинг қаршилигим билан кимнинг неча пуллик иши бор) киши тўлиқ русча ёки тўлиқ ўзбекча гапирса. Гап орасида деярли ўзимизники бўлиб кетган "уже", "давай", "ну", "штраф", "сдача" каби сўзлар қўшиб гапирилса ҳам қарши эмасман. Бу тилни бузишга киради, тўғри, лекин "Знаешь, анови куни в гости пошла и увидела там Тоҳир ака. Господи, шунақа семириб кетибди, думаю, с чего он шунчалик ўзини қўйворган. Оказывается, касал бўпти..." каби даҳшатли чатишма тил олдида ҳолва, ҳатто кечиримли. Ҳалиги ойдеккина қизлар кўзимга хунук кўриниб кетди. На рус тилини ва на она тилини тузукроқ билади. Чала, дейди унақаларни. Балки шунақа гапирсам зўр бўламан, замонавий кўринаман, деб ўйлар? Ким билади.

Ўйлаб қолдим. Бу бир кичик воқеа. Глобалроқ оладиган бўлсак,  қарор, буйруқ, фармон, фармойиш, борингки, исталган расмий хат ёки йўлланма рус тилида-ку. Ҳатто эълонлар, билдиришномалар рус тилида. Кўчадаги реклама, экрандаги анонс, пештоқлардаги ёзувлар аксари рус тилида-ку. Энг оддийси эшиклардаги "на себя" ва "от себя". Тепадаки шу аҳвол, пастдан нолишга на ҳожат. 

Твиттердаги 140 белгидан ошмайдиган гапимга бир танишим жавоб ёзди: @Feruzaxon elchixonadagi asabiylashgan holatimni esga soldiz. Ruscha savoliga o'zbekcha javob beruvdim. Keyin oxirida, man o'z yurtimdaman, rus tilida gapirishga ham, javob berishga ham majbur emasman. O'zing o'rgangin o'zbekchani, degandim. 

Ферузахоннинг бошидан ўтганга ўхшаш ҳолат менда ҳам бўлган. Тафсилотларга тўхталиб ўтиргим йўқ. Биласизми, нега русийзабонлар шу юртда яшаб туриб ўзбек тилини ўрганмайди? Чунки биз талабчан эмасмиз. Бир бечора қишлоқи йигит ҳам шаҳарга келиб қолгач рус тилини билмагани учун русийзабонлар саволга тутса довдирайди, аланглайди, бирор кишидан сўрайди "ака, нима деяпти?" Бу бир мисолда энди. Хўш, энди айтингчи, нега ўша йигитчага савол бераётган русийзабон довдирамаслиги керак? Нега ҳалиги ўзбек йигит "Нима деяпсиз? Ўзбекча гапиринг, тушунмаяпман!" демайди? Нега ўша русча гапираётган одам мулзам бўлмаслиги керак? Нега у ён-веридан ёрдам изламаслиги керак? Ўзимиз сабабчи! Ҳокисормиз. Андишалимиз. Маша хола ёки Петя амаки билан рус тилини яхши билмасак ҳам "твая мая панимает", деб ҳижжалашамиз. Нега?

СпортТВда спорт ва футбол соҳасининг машҳур мутахассислари Рустам Акрамову Ислом Аҳмедов кабилар чиқволиб "Знаете, мы с вами еще увидим прогресс...", деб русча гапириб турса, додингни кимга айтасан? Мана шунақа тил билмас ўзбеклардан кўра ўзбекча гапирсангиз бемалол тушуниб, керак жойида сизга ўзбекча жавоб қайтарадиган Вадим Абрамов ва Рауф Инилеев минг карра азиз, минг чандон ҳурматга лойиқ!

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган, деб сийқалашгим йўқ. Бошқа тилларни ўрганманг, деётганим ҳам йўқ, асло! Аксинча, тил ўрганиш лозим ва лобуд. Фақат она тилимизга эътибор ва қунт сўрайман сиздан. Талаб қилишни ўрганинг. Сизга русча гапирган одамга ўзбекча жавоб қайтаринг. Бирда бўлмаса бирда у ҳам ҳаракат қилади ўзбекчада гапиришга, лоақал тушунишга.

Дарвоқе, керакли жойда, керакли вазиятларда русча, инглизча, испанча ва ҳ.к., гапириш лозим. Бошқа тилда гапириш шарт бўлган вазиятлар эмас, ўзбекча гапириш мумкин бўла туриб бошқа тилда гапиришимиз ҳақида бу блогпост. 

Эътибор учун ташаккур.