воскресенье, 16 марта 2014 г.

1 ZAZ = 2 Nexia


Ия, блогдаги биринчи қораламани ёзганимгаям анча бўлиб кетибди-ку. А бундоқ эслатвормайсизларми, сендаям блог бор, ёзиб тур, деб. :-)

Хуллас, иккинчиси кепқолди. Олдиндан айтиб қўяй, блогда неки ёзган бўлсам/ёзсам, ҳаммаси бир чеккаси менга тақаладиган гаплар, яъни, ўзимдан ўтгани.
Кеча @Feruzaxon (у сизга таниш, аввалги постимда ҳам эслаб ўтганман) менга бир савол билан мурожаат қилди: "Нима учун ўзбек автомобиллари ташқи бозорда арзону, ички бозорда қиммат?"

Эҳ, Ферузахон, авто оламидан узоқда эканлигингиз дарров маълум бўлди-қўйди. Нафақат авто, балки... Майли, чуқурлашмай қўяқолай.

Мени ҳам шу савол қийнайди. Ўзим янгиликлар, хабарларни халққа етказаман. Автомобилсозлик, хусусан, шонли GM Uzbekistan концернига оид хабарларни тингловчиларга мунтазам етказиб тураман. Яқинда ўқидим: Украинада афсонавий Нексия автомобилларимиз сотилмай, уларга чегирмалар эълон қилинган, шунда ҳам харидор кам, автосалондагилар норози. Яна ўқидим: Россиялик автоэкспертлар бизга Нексия моделининг нархини қайта кўриб чиқишни тавсия қилишибди. Эмишки, 30 йиллик Opel анча эскирди, қанча рестайлинг қилманг, замон талабига жавоб бермайди - бу бир, унга қўйилган нарх қиммат - бу икки. Эътибор беринг, гап Россия ва Украина бозорида энг минимал нарх - 7000-7500 $ ҳақида кетяпти. Тасаввур қиляпсизми? Агар Ўзбекистонда ана шу нархга сотилса эди, @shokirjonov таъбири билан айтганда "Иссиқ перашкадай кетарди".

Гап фақат Нексия моделида эмас. Экспорт қилинаётган неки модель борки, барчасининг нархи ўзимизда қиммат, ташқарида арзон. Балки бунинг мен билмайдиган бир синоати бордир, сири бордир, бизга ҳар томонлама фойдаси бор ўта нозик жиҳати бордир? Билмадим. ташқарига сотилаётган нархи ҳақидаям гапирмадим, дейлик. Нега ички бозордаги нарх ҳар йили ошаверишини кимдир тушунтириб бероладими? Экспорт камайганининг нисобини, ички бозорга нархни ошириб, тўғрилаб қўйишми бу? Яна билмадим.

Эҳтимоллар кўп. Албатта, машина ишлаб чиқараётганда халққа уни вақтида етказиб бериш, талаб ва таклиф мутаносиблиги ҳисобга олинади. Лекин бизда сунъий тақчиллик вужудга келтирилганки, буни барча кўриб, билиб турибди. Кўчада юрсангиз одамлар шу ҳақда гапиришади, аммо расман биров чурқ этмайди.

Шапка, қалпоқ, кепка... Битта машина олиш учун фалонча "шапка" бериш керак. Расмий исбот талаб қилманг, исталган салонга боринг, кўрасиз. Бормасангиз ҳам бўлади, биласиз шундоқ ҳам. Хуллас, "шапка" атамасини ҳамма тушунади. Аммо ахборот манбалари бу ҳақда маълум қилишмайди. Расман бизда ҳаммаёқ гўзал, фаровон, мўл-кўлчилик. Мамлакатимиз Президенти ҳар чиқишида очиқликка, ошкораликка, ҳеч кимдан қўрқмай, чўчимай дадил фикр билдиришга чақиради. ОАВни, фуқароларни фаолликка, жамиятни қуртдек кемираётган муаммоларни очиқ айта олишга чақиради. Бу борада сўнгги 2-3 йилда сезиларли силжиш кузатилмоқда. Аммо...

Яна бир факт: Тошкент кўчаларида ZAZ Forza (Chery) автомобиллари кун сайин кўпайиб боряпти. Биздаги сотилиш нархи 13200 $. Хўш, агар бизнинг авто ишлаб чиқарувчилар юртимизга валюта келиши каби хайрли мақсадда машиналаримизни четга сотяпти, дейлик. Нексия 7000-8000 $, Жентра 14000-15000 $ ва ҳоказо. Ўзингиз ўйланг, 7500 $ валюта киряпти, аммо ЗАЗ сотиб олган ҳар бир киши четга деярли иккита Нексия баҳосига тенг валюта чиқариб юборяпти-ку. Жентра ё Кобальт четда сотиляпти, валюта кириб келяпти, аммо деярли шунча валюта ЗАЗ ёки ВАЗ сотиб олиш орқали четга чиқиб кетяпти-ку.

Тўғри, бу ҳам ўйлаб қилинган ишдир. Ўзаро товар айирбошлаш, мамлакатлар орасидаги келишувларнинг нозик жиҳатлари бордир. Шу ўринда яна @shokirjonov'ни эслайман, аниқроғи, ундан иқтибос келтираман: "Демпинговая политика. Машинани арзон сотамиз, запчастларини қимматга сотамиз. Немислар Мерседесни Голландиядан олиб минишар экан". Мана, бу ҳам бир сабаб. Бундай сиёсатдан хабарим бор. Аммо 2 Нексия  = 1 ЗАЗ тамойилини барибир тушунмайман. Қайтараман, кўпчилик Нексиядан кўра ЗАЗни афзал кўра бошлади. Чунки ЗАЗ замонавийроқ, нархи ҳам ички бозордаги Нексиянинг нархи билан деярли тенг.

Эҳ, билмадим. гапирса гап кўп. Лекин ечими сизу бизга боғлиқ. Агар балиқ бўлиб яшайверсак Ферузахон кабиларнинг шу тахлит саволлари кўпаяверади. Биз эса ўзаро шивирлашиб юраверамиз. Гўё ёмон гап айтяпмизу, бунинг жавоби бордек. Э, қўйсангизчи. Агар муаммони ошкор қилсангиз, унга қарши курашсангиз, раҳмат, дейишади сизга мутасаддиларимиз. Тўғри эмасми?

P.S. Блогдан постлар ва/ёки иқтибослар олиш учун мендан рухсат олишингизни сўрайман. Рухсат берилгач эса манба кўрсатилиши керак.