пятница, 17 апреля 2015 г.

Ўғриликми бу ё...?

Дунёда кўплаб ёлғонлар туғилади. Ҳар куни. Ҳар дақиқа. Баъзиларига қараб туриб уни ҳақиқат, деб ўйлаб қоласан. Шунчалик ҳақиқатмонанд кўринади, алҳазар. Ёлғонни тўқиётган одамнинг моҳирлигига тан берасан. Шундай вазиятлар бўладики, ёлғоннинг ёлғонлигига эътибор беролмай қоласиз. Чунки ёлғон гап/мақола/хабар шунчалик ўралган, алқанган, севилган, ялтиллатилган бўладики, унинг чин ё алдов эканлигига эмас, ўша ярқиллоқ мавзусига чалғийди киши.

Гапни чўздим. Тарки одат. Лекин юқоридаги кириш сўзисиз сизга етказмоқчи бўлганимни етказолмасдим.

Мен футболни яхши кўраман. Шунингдек, ўз ишимни ҳам. Мени журналист, деб биладиганлар ҳам, оддий қаламкаш, деб қабул қиладиганлар ҳам етарли. Футболни яхши кўраманми, демак, шунинг ичидаман. Ичидаманми, демак, стадионларга бораман, кимгадир мухлисман, кимнидир ёқтирмайман. Яхши кўраманми, демак, онда-сонда ёзиб тураман. Радиода муаллифлик дастурим бор, турли интервьюлар, суҳбатлар уюштираман. Футболни яхши кўраман, у ҳақда ёзаман, эшиттиришлар тайёрлайман, шунинг учун турли номинацияларда овоз беришни, бирор турнирнинг, чемпионатнинг - ойнинг, йилнинг энг яхшиларини аниқлашда ўз овозим билан иштирок этаман. Керак бўлса, мустақил журналист бўлиб, керак бўлса, иш жойим номидан, керак бўлса, таҳририят номидан қатнашаман. Ўзим ҳақли, деб билган, яхши ўйнаган номинантларни танлайман, гоҳида симпатиямга қараб ҳам овоз бераман. Овозим меники, ўзимники. Менинг номимдан бошқа одам овоз бера олмаслигига ишонаман. Чунки Бобур Акмалов менман. Фаолиятимда бундай ҳолат бўлмаган ҳеч ҳам. Бўлмаса ҳам керак (адашдим-ов). Бировнинг ҳам овозини ўғирламайман. Бировнинг номидан овоз ҳам бермайман. Нима қиламан, Ўзим турганимда Бировнинг номидан иш юритиб, тўғрими?

Биласиз, ҳар йили мен яхши кўрган футболни ўйнайдиган ва мен яхши кўрган футболни ўйнайдиганларни ўйнатадиганлар орасида энг яхшилари аниқланади. Йил якунида ўша яхшиларга Юртнинг Энг Яхшиси, деган ном берилади. Унгача эса ҳар ойда энг яхшилар аниқланади. Ана шу ой ва йилнинг яхшиларини мен ва бошқа ҳамкасбларим ўз овозлари билан аниқлаб беришади. Бу сўровномани ҳар йили Ўзбекистон Футбол Федерациясининг (кейинги ўринларда ЎФФ) матбуот хизмати ўтказарди. Гоҳида ундоқ, гоҳида бундоқ, хуллас, баҳоли қудрат ўтказиб келинаётганди сўровнома. Ҳар йили кимдир энг яхши мураббий ёки энг яхши футболчи бўларди. Қисқаси, ҳаммаси бир маромда кетаётганди.

Бу йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси ва мураббийи номини аниқловчи ташкилот Профессионал (!!!) Футбол Лигаси (кейинги ўринларда ПФЛ) бўлди. Бир қарашда оддий ҳол. Алоҳида расмий ташкилот. Олий, биринчи ва иккинчи лигамизнинг раҳнамоси. Чемпионат, кубок ва суперкубок ўйинлари ана шу ташкилот раъйи асосида ўтказилади. Аммо...

Аммо бу йилдан ушбу совринни, номинацияни ўтказишни ўз зиммасига олган ПФЛ ҳамкор сифатида ҳамма овоз берувчи ОАВ каби оддий ОАВ - championat.asia сайтини танлади. Энди ҳамма қатори оддий ОАВ юртим футболидаги энг зўрларни аниқлар эмиш. Жудаям ғалати қарор. Тушунган бўлардим, ўша сайт ўзи бирор номинация жорий қилса ва унга ҳамкор сифатида бирор ташкилотни таклиф қилса. Аммо бу соврин ЎФФники эди-ку. Нега Али ёки Вали, Эшмат ёки Тошмат бу совринга ҳаммуаллиф бўлмади-да, Қулмат ҳаммуаллиф бўлди? Бунга бош қўшиш учун Қулмат нима қилди? Эшмат, Тошмат ёки Девона мана шундай мақомга эришиш учун нима иш қилиши керак? Қизиқ, энди Алию Валилар ўзига рақобатчи саналган ҳамкасблари олдида қулмат бўлиб, овозларини унинг элагидан ўтказишга рози бўладиларми? Саволларим кўп. Шу ерда тўхтатақолай. Мени ушбуни ёзишга ундаган ээээнг асосий масала бу ҳам эмас. Кейинги хатбошига (абзацга) қаранг.

championat.asia сайтида хабар чиқди. Айни хабар ПФЛ расмий сайтидан олинган экан. Ёки бўлмаса ҳар икки сайтда бир хил нарсани битта одам ёзган. Э, майли, нима фарқи бор, ахир иккала объект ҳам ҳамкор-ку.



Хўш, муддаонг не бу скриншотларни қўйишдан, дейсизми? Сабр қилинг. Кейинги скриншотларни томоша қилинг (та-да-да-дааааам - бу тантанали мусиқа, миянгизда чалиб оларсиз). 

Ия, бу нима? Ҳа-я, бу март ойининг совриндорлари рўйхати. Бу ҳам керак. Аммо боя сизга мусиқа чалдиришда адашибман. Сал шошибман. Мана энди мусиқа - фанфары (чалиб оларсиз)!



Кўряпсизми? Рўйхатни ўқинг. Бу скриншотда ким кимга овоз бергани ёзилган. Рўйхатдан ОРИАТ Доно радиосини топинг. Топдингизми? Овозларимизни кўряпсизми?
Ана энди асл мақсадга етиб келдим. Билиб қўйинг, БУ БИЗНИНГ ОВОЗЛАР ЭМАС! Ҳа, БУ БИЗНИНГ ОВОЗЛАР ЭМАС!! Яна қайтараман, БУ БИЗНИНГ ОВОЗЛАР ЭМАС!!!
Бу овозларни биз бермаганмиз. ПФЛ ва championat.asia сайти томонидан ўтказилган Ўзбекистоннинг 2015 йил март ойидаги энг яхши мураббийи ва энг яхши футболчисини аниқлаш учун ўтказилган сўровномада БИЗ ИШТИРОК ЭТМАГАНМИЗ!!!

Савол: Қаердан келди бу овозлар? Ким биздан бу овозларни қабул қилди? Қайси манзилга юборганмиз бу овозларни? Қайси электрон ёки анъанавий почта манзилига юбордик? Қайси санада юбордик? 

Овоз юборишда биз ўзимизнинг расмий бланкимиздан фойдаланамиз. Унда бизнинг ташкилот номи, юридик манзили, телефон рақамлари кўрсатилади. Унда овоз берувчининг номи ва имзоси бўлади. Қани, бизга кўрсатинг, муҳтарам ПФЛ ва championat.asia сайти, қани ўша бланк??? Қани???

Овозларни беришимиз учун қайси биримизга мурожаат қилишди? Мен, яъни, ОРИАТ Доно радиоси янгиликлар бўлими ходими Бобур Акмаловгами? Мен, яъни, ОРИАТ Доно ижодий гуруҳи етакчиси Бобур Акмаловгами? Ёки ОРИАТ Доно янгиликлар бўлими раҳбари, муҳаррир Ҳожимурод Отақуловга мурожаат қилишдими? Ёинки ОРИАТ Доно янгиликлар бўлими ходими Жамшид Назаровгами? Кимга мурожаат қилдингиз ва кимдан олдингиз бу овозларни? Сўровномада қатнашиш ваколати мана шу уч кишида бор. Мен хато қилмаслик учун, ҳар эҳтимолга қарши, ОРИАТ Доно директори Бахтиёр Усмоновдан ҳам сўрадим - сизга мурожаат қилишдими? Йўқ, деган жавобни олдим. Ана энди саволларимга ПФЛ ва championat.asia сайтидан жавоб кутаман. Жавоб кутамиз. Расман. 

Сўнгсўз.
Бунинг номи нима экан, а? Плагиатми? Йўўўқ. Ғийбатми? Йўўўқ. Туҳматми? Билмасам. Ўғриликми? Яна билмадим. Сохталаштиришми? Шунга ўхшаш, шекилли. Кўзбўямачиликми? Ўўўў, топдим! Балки ҳаммасидир?! Мана шу атамаларнинг ҳаммасини ишга солган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида қандай чора кўрилади? Буни юристлар аниқлагани маъқул. Мен бир оддий овоз берувчи бўлсам. Овози олинмаган овоз берувчи. 

Яхши ишни бошлаганда яхши ният қилинади. Аммо бошланган ишнинг яхшилигига ҳам, ниятга ҳам шубҳам бор. Бошланишиданоқ мана шундай кўзбўямачилик қилишга уларни нима ундади? Ваҳобов керакми сизга ё Шквирин? Ё бошқа нарса керакми? Машҳурлик керакми?

Саломат бўле-е-е-енг!!!

Комментариев нет:

Отправить комментарий