суббота, 18 апреля 2015 г.

Ўғрилик эмас, аммо тўғрилик ҳам эмас!

Аввалги блогпостни ўқидингиз. Бу борада менга championat.asia сайти вакили Нодирхўжа Юлдашев Facebook ижтимоий тармоғи орқали мурожаат қилди. Унинг айтишича, бизнинг номимиздан Акмал Мирзо овоз берган экан. Қуйида скриншотлар:



Келинг, аввало Акмал Мирзонинг кимлигига тўхталсам (орангизда билмайдиганлар ҳам бўлиши мумкин). Акмал Мирзо Орият Доно радиосининг бошловчиси, турфа оригинал лойиҳалар муаллифи, шоумен, турли тадбирлар, маросимлар, концертларда бошловчилик қилиши билан ҳам танилган иқтидорли йигит. 

Ана энди савол: Ўзини профессионал санайдиган ПФЛ ва championat.asia сайти ойнинг энг яхшиларини аниқлаш учун журналистика эмас, шоу-бизнес вакили бўлган одамдан овоз олишга ҳақлими? Регламентда қандай ёзилган? У ерда ОАВ вакили, деган атама наҳотки бошловчиларга ҳам тааллуқли бўлса? 
Иккинчи савол: Овоз олиш системаси қандай йўлга қўйилган? Ижтимоий тармоқларда ўтириб ҳам овозни қабул қилса бўладими? Мана, масалан, мен Фейсбукда ўтирибман. Дабдурустдан ПФЛ ёки СА вакили мессенжер орқали алоқага чиқди ва ҳеч вақони тушунтирмай мендан ўзи танлаган футболчиларга овоз беришимни сўради. Ғалати эмасми? Акмал Мирзо бундай сўровноманинг мавжудлиги ҳақида қулоғининг бир учи билан эшитгандир ҳам, аммо у бу сўровнома қай шаклда, қай тартибда ўтказилиши, унда кимлар овоз бериши мумкин-у, кимларнинг овози қабул қилинмаслигини қаёқдан билсин? Хўп, овозни мессенжер орқали олиш ҳам мумкин, дейлик (замона зайли, ҳар ҳолда). Аммо нега худди шундай мессенжердан фойдаланадиган мен ёки Жамшид Назаровга эмас, айнан Акмал Мирзога мурожаат қилинди? Нодирхўжа Юлдашев блогпост ёзилган куннинг эртасига Фейсбук мессенжери орқали мен билан алоқага чиққанини ҳисобга олсак, демак унда менинг контактларим бор. 
Йўқ, йўўўўўқ, тағин ўйламанг, бу киши ўзидан овоз олишмагани учун хафа бўлиб ана шу блогпостни ёзган, алам қилибди, деб. Асло ундай ўйламанг! Менга бу илтифот ва мақомнинг кераги йўқлиги сизга ёлғон бўлса, Ўзига чин.

Гап бу ерда мен ишлаётган ташкилотга бўлган, мамлакат футболининг энг яхшиси бўлишга лойиқларга бўлган, журналистикага, ҳамкасбларга бўлган муносабатда. Наҳотки ўзини профессионал, деб биладиган ПФЛ ва СА ташкилотлари шундайин кулгили ишни қилсалар? Юмшоқ қилиб айтганда, хунук иш. Хайрли иш ундай бошланмайди. Мана сизга сўровнома уюштиришни ОАВ ихтиёрига топширишнинг натижаси.

Бу сўровнома ПФЛ ва championat.asia ҳамкорлигида ўтказилиши ҳақидаги хабар ёдингиздами?
Мана скриншотлар:



Ана ўша ерда ёзилганки, Ориат Доно радиосидан овоз бериш учун "Футбол хабарлари" дастури танланган. Яъни, шу дастур вакили овоз бериши мумкин. Лекин бизда бундай номдаги дастур йўқ. Ҳа майли, майда-чуйдага эътибор бермаймиз, балки сўровнома ташкилотчилари "5 дақиқа футбол" дастури ёки "Майдон маркази" радиошоусининг номини била олмай, шундай номлаб қўя қолгандирлар. А нима бўпти, футбол бор, хабарлар бор, тўғрими?

Хўп, мана шу скриншотдаги хабарда айтилган гапга риоя қилинганида Акмал Мирзога мурожаат қилинармиди? Акмал Мирзо футбол дастурлари муаллифи эмаслиги ва журналист эмаслигини овоз қабул қилаётган одам билмаганига унчалик ишонгим йўқ.
Энг қизиғи ва ачинарлиси, championat.asia ўз твиттер аккаунтида қуйидагини ёзган:


Унақа эмас-да. Шу ишни овоз берилган, деб ҳисоблаш уят эмасми? Сиз нега ҳеч кимга айтмай, ими-жимида Акмал Мирзодан - сўровномангизу футболда нималар бўлаётганидан унчалик ҳам хабари йўқ одамдан овоз олдингиз? Бундан кўзланган мақсад нима? Акмал Мирзо Владислав Иванов ёки Ботир Носировни қайдан танисин? Александр Хомяковни қаердан танисин? Бу гаплар ҳамкасбимни хафа қилиш учун айтилмаяпти. Акмал Мирзо ўз соҳасининг етук кишиси ва унга бу соҳада унча-бунчаси рақобат қила олмайди. Шу билан бирга у футболда нималар бўлаётганини мен ёки, мисол учун, Олимхўжа Бўронов ва Шуҳрат Шокиржоновчалик билмайди, бу ўйинни Қаҳрамон Аслановчалик тушунмайди. У футболга қизиқади, мухлислик қилади. Аммо Хомяков жамоасининг ё Носировнинг ҳар бир ўйинини кузатиб борадиган даражада эмас. Бунга унинг вақти ҳам йўқ. Хўш, шундай экан, бехабар кишидан овоз олиш қайси ўлчамларга тўғри келади? Демак, сизлар ўтказаётган сўровнома ҳаққоний эмас эканда?

Акмал Мирзо билан бу борада шахсан суҳбатлашдим. Унинг жавоби қуйидагича: Менга сўровнома ўтказилаётгани ва танланган футболчилар ва мураббийларни ўринларга қўйиб чиқишимни сўраб Фейсбук орқали мурожаат қилишди. Овозим радио номидан қабул қилинишини билмагандим. Менга алоқага чиққан йигитни 1-2 марта стадионларда кўргандирман, аммо шахсан танимайман.

Мен ҳамкасбимнинг гапларига 100% ишонаман. Демак, бўлиб ўтган воқеадан келиб чиқадики, сўровнома ташкилотчилари дуч келган одамдан овоз олишлари ва натижага таъсир кўрсата олишлари мумкин экан-да? Бу ерда ҳамкасбимдан ўтган жойи ҳам бордир. У аввало сўраб-суриштириши, масаланинг тагига етиши лозим эди, дерсиз. Аммо воқеадан узоқ қишига бунинг нима қизиғи бор? Мен ҳам, балки, унинг ўрнида бўлганимда "мендан овозимни сўрашяпти, демак, мени танишади, уларга овозим керак экан, майли, бераман", деб ўйлаб, овоз бериб юборардим. Регламентни билмаганимдан кейин тартиби билан неча пуллик ишим бор, тўғрими? Бу гўё кўчада сизни, дейлик, бирор шоколад ёки қаҳва ишлаб чиқарувчиси вакили тўхтатиб "шоколадимиздан (қаҳвамиздан) татиб кўриб, ўз фикрингизни мана шу варақага қайд этсангиз", деб сизга мурожаат қилгандек гап-ку. Еб кўрасиз ва ёзиб қўясиз - "Фикрим ижобий"!

Хуллас, шунақа гаплар. Мен тушунаман, ниманидир бошлаш осон эмас. Ишламаган одамгина танқид қилинмайди. Аммо бу иш энди бошланмади. Бу сўровнома мисоли конвейер - неча йиллардан бери ўтказиляпти. Бу борада Ўзбекистон тажрибаси, жаҳон тажрибаси бор. Ташкилотчилар бор-йўғи ишлаб турган линияни ўзлариники қилиб олишди, холос. championat.asia сайти эса анчадан бери бу каби сўровномаларда иштирок этади. Демак, улар биладилар сўровнома қандай ўтказилади, овозлар қай тахлит қабул қилинади ва ҳ.к. Бўлиб ўтган ишни нима деб аташни билмайман. Эътиборсизликми? Менсимасликми? Нопрофессионалликми? Балки ҳаммасидир?

P.S. Орият Доно радиосининг "5 дақиқа футбол" дастури ҳозирча бу сўровномада қатнашмай туради. Биз жараённи кузатамиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий