понедельник, 20 апреля 2015 г.

Кўзингни оч, Ўзбек!

Менинг бобом бор. У 1941-1945 йиллардаги урушда қатнашмаган. У фронт ортида меҳнат қилган. Қилган меҳнатлари учун уни ўша пайт ҳукумати тақдирлаган. Ҳар йили 9 май куни биз бобомни кўргани борамиз. Биз - бу бобомнинг фарзандлари, неваралари, эваралари, чеваралари ва ҳ.к. Уни кўргани қўни-қўшнилар ҳам чиқишади. Узоқ-яқиндан ўқувчилари ҳам шу куни ташриф буюришади (бобом ўқитувчи бўлган).

Мен бобом билан бўлган суҳбатларда уруш ва уруш орти ҳақида кўп нарсаларни эшитганман. Бобом менга сўзлаб берган ҳикоялар бор ҳақиқат. Кўпчилигимиз билмайдиган нарсаларни билади у. Уруш ҳақидаги бадиий ва ҳужжатли фильмларда келтирилмаган воқеалардан хабардор у. Ўзи фронт орти меҳнаткаши бўлса ҳам, фронтда бўлган воқеалардан ҳам хабардор. Чунки ўзидан 5-6 ёш каттароқлардан - қўшнилар, маҳалладошлар - уруш кўрганлардан кўп нарса эшитган. Бобом - тирик тарих.

Бобомдан эшитганларим ва ўзимнинг тафаккуримни чоғиштириб бир масала устида бироз фикр юритдим. Ҳар йили 9 май кунига яқинлашар эканмиз юртимизда мана шу кун шукуҳи сезила боради. Буни бинолар пештоқлари, баннерлар, телевидение ва радио, умуман, ОАВ сездириб туради. Одамларнинг ўзлари ҳам. Сўнгги пайтларда урф бўлган машинани мавзувий безатиш, кийимларига лента тақиб олиш ҳам 9 май кунига монанд. Ана шу ерда дилни хира қиладиган жиҳат бор.

Эй, ўсиб келаётган авлод! Эй, нотўғри тушунча сиканжасида қолиб кетган манқурт ўрта авлод вакили! Қуйидагини диққат билан ўқинг.

Аввало, 1941-1945 йилларда бўлган уруш номи Улуғ Ватан уруши эмас, Иккинчи жаҳон уруши! Чунки биз учун собиқ СССР улуғ ватан бўлмаган, улуғ ватан эмас. Ўша пайтда шундай сингдирилган мафкура бугунга келиб ўз моҳиятини йўқотганини ҳанузгача тан олмаётганларни тушунмайман. Русийзабонлар-ку майли, уларнинг тушунчаси ўз йўлига, билганларини қилсинлар. Аммо орамиздаги миллатдошимиз кўр-кўрона уларнинг ортидан эргашаётганини кўриш ачинарли. Бу нимада намоён бўлмоқда? Энг биринчи кўзга ташланадиган нарса - Георгий лентаси, деб аталмиш бир парча латтада. Бу латтани излаб юрганларини, машиналарига, кийимларига тақиб олганларини кўриб ҳайрон қоляпман. Юртдошим, миллатдошим, ушбу лентанинг тарихини билиб олсангиз ёмон бўлмасди. Ушбу орденнинг ва у билан боғлиқ лентанинг пайдо бўлишига Иккинчи Жаҳон уруши эмас, умуман бошқа уруш сабаб бўлган: 26 ноябр 1769 йили Россия императрицаси Екатерина Иккинчи томонидан алоҳида декрет (буйруқ) асосида ташкил қилинган Авлиё Георгий ордени 1768-1774 йиллардаги рус-турк уруши билан боғлиқ ордендир. Орден ҳарбий унвон статусига эга бўлган, фақат рус армиясининг ҳарбий офицерларига берилган. XIX аср иккинчи ярмида Чор Россияси Туркистон ўлкасини босиб олган вақтидаги қирғину тўполонлар, қатағону хунрезликларни уюштирган, кўплаб миллатдошларимиз - сизу бизнинг буви-буваларимизни қатл қилган, оммавий қирғинлар ижрочиларига Чор Россияси ҳукумати томонидан берилган кўкрак нишони - орден айнан сиз ҳозир Георгий лентаси, деб атаётган тасма билан топширилган. Яъни, ҳозир сиз билиб-билмай кўксингизга фахр ила илаётган лента айнан сизнинг бобонгиз ва бувингиз, ёки уларнинг ота-онаю буви-буваларини қатл қилганларнинг кўкрак нишонидир. Ишонмаслигингиз, қарши фактлар келтиришингиз мумкин. Марҳамат. Фақат ундан олдин ақалли Google тармоғига бир изланиш бериб кўринг.

Эътиборингизга сўзларим исботи ўлароқ суратлар келтираман.







Бу Георгий лентаси ва ўша медаллар.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: генерал-лейтенант Герасим Алексеевич Колпаковский – Ўрта Осиёнинг мустамлакага айлантирилишига энг катта ҳисса қўшган ҳарбийлардан бири. VI ва III даражали Авлиё Георгий орденлари соҳиби. Қўқон хонлигининг Россияга қўшиб олинганини эълон қилган.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: Михаил Дмитриевич Скобелев – Фарғона ҳарбий губернатори. II, III ва IV даражали Авлиё Георгий орденлари соҳиби. Шунингдек, “Хива юриши учун” ва “Қўқон хонлигини забт этгани учун” медаллари билан тақдирланган.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: Романовский Дмитрий Ильич – Ўрта Осиёни қонга ботирган генераллардан бири. Бухоро амирлиги армиясига қарши ўтказган жанги учун III даражали Авлиё Георгий ордени билан тақдирланган.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: генерал Михаил Григорьевич Черняев. Тошкентни ишғол қилган бу “зот”ни ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ. III даражали Авлиё Георгий ордени соҳиби.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: Константин Петрович фон-Кауфман – Ўрта Осиёнинг мустамлакага айлантирилишига бошчилик қилган. II, III ва IV даражали Авлиё Георгий орденлари соҳиби.


АВЛИЁ ГЕОРГИЙ ОРДЕНИ СОВРИНДОРИ: Иван Фёдорович Бларамберг. 1851 йил 26 ноябрда IV даражали Авлиё Георгий ордени билан тақдирланган. 1852 йилда эса Қўқон хонлигига қарши ҳарбий ҳужумларда кўрсатган хизматлари учун генерал-майор унвони билан сийланган.

Билиб олдингизми, Георгий лентасининг маъносини? Бу лента кимлар томонидан тарқатиляпти? Ким бундай пропаганданинг ортида? Ахир бу лентани Ўзбекистонда бирор трикотаж цехи тикиб чиқармаётгандир? Россия турли масалаларда бизнинг ҳамкоримиз, аммо унинг бундай иши - ўз ғоя ва мафкурасини бизнинг халқимиз онгига сингдириш учун ҳаракатини мен қаттиқ қоралайман. Шу билан бирга, бунга эргашаётган саводсиз, оми, ким нима деса лаққа тушиб кетаверадиган гўл кишиларни ҳам қоралайман. Эски совет тузуми даврида яшаб, ўша тузумни севиб, севгисидан воз кечмай, асил ҳақиқатни кўргиси келмаётган "коммунист" юртдошларимни ҳам қоралайман. Бу масалада биз ўзбекларни қолоқ санаб, устимиздан кулмоқчи бўлаётган русийзабонларни ҳам қоралайман.


Дарвоқе, МДҲ давлатларидан Беларусь (http://by24.org/2015/04/17/no_more_colorado_ribbons_in_belarus/), Украина (http://newsru.com/world/06may2014/9maycoloradoffukr.html), Қирғизистон (http://vz.ru/politics/2015/4/7/738611.html) Георгий ленталаридан воз кечибди.

Жаноблар, лентангизни олиб қўйинг. Ўзингизга сийлов. Бизга у керак эмас. Биз сизларнинг ноғорангизга ўйнамаймиз. Биз учун 9 май - Хотира ва қадрлаш куни. Бу кун биз нафақат Иккинчи жаҳон урушида она заминимизни ҳимоя қилган, уруш майдонларида жон фидо қилганларни хотирлаймиз, балки барча ёши катта, кекса, ногирон, ёрдамга муҳтож, борингки, ким эътиборимиздан муштоқ бўлса, ўшаларни хотирлаймиз, қадрлаймиз. Яна айтаман - лентангизни олиб қўйинг!

Ўтганларнинг охиратлари обод бўлсин! Қолганларнинг умрлари зиёда бўлсин. Шу Ватан учун, шу замин учун борини берган отахон-онахонларимизга соғлик-саломатлик тилайман!


P.S. Валентин куни ва Хэллоуин аталмиш аҳмоқона байрамларни оммавий нишонлашни йўқота олган ҳукумат Георгий лентасини оммалаштиришга ҳам чек қўя олишига ишонаман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий