вторник, 19 апреля 2016 г.

Тошкентда яшаяпсизми? Сузишни ўрганиб қўйинг!

Тошкент мамлакатимиз пойтахти. Ў, янгилик-ку, денг! Юртимизга келган меҳмон энг аввало Тошкентдан бошлайди саёҳатини. Ташрифнинг илк манзили бу шаҳар. Ўлкамиз дарвозаси бу макон. Хива, Бухоро, Кеш, Самарқанд, Кушон деган жойларга айнан Тошкент орқали йўл олишади аксар меҳмонлар. Шундай экан, юртимиз дарвозасини, пойтахтимизни чиройли қилиб қўйишимиз керакми? Керак! Ва бунинг учун катта кўламдаги ишлар қилинган ва қилиняпти ҳам. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳар жойда камчилик бор, етарли.

Билмадим, кўчаларимизнинг ҳолатига Ободонлаштириш бошқармаси жавоб берадими ё Коммунал хўжалик? Ўзи нима деб юритилади бу ташкилотлар? Мана бу суратларга қаранг. Эсимни танибманки ёмғирлар мавсумида шу аҳвол. Асосан баҳорда, гоҳида кузда ҳам шу. Қиш-ку юртимизга келмай қўйган. Аразлаганми, билмадим. Бунинг яхши томони ҳам бор экан. Қор йўқлигидан нолиймизу, аммо шу қор пағалаб ёғса аҳвол не кечишини тасаввур қила оласизми?

Йўлларни асфальтлаб, кўприкларни қуриб ётишибди. Лекин бирорта каснинг дренаж тизими, канализация билан иши йўқ. Иши борнинг вақти йўқ, вақти борнинг ваколати йўқ, ваколати борнинг иши йўқ. Хэх, занжирга ўхшаб кетди гапим.

Бунақа кўчаларда юриб бўларканми? Машинаси борларга осон десангиз, адашасиз. Трамблёргача сув кириб кетади баъзи кўчаларда. Ана кейин "дарё"нинг ўртасида қолиб кетган "кема"ни кўринг. Энг қийини пиёдаларга. Автобусга чиқай деса бекатда бир парча қуруқ ер йўқ. Кўчага резинка этик кийиб чиқай деса ишхонага бунақа дресс-код билан киргизишмайди, камига, оёқ ҳидланадиган бўлиб қолади.

Мутасаддиларга эса фарқи йўқ. Уларнинг йўли қуруқ бўлса керакда, а? Ё улар вертолётда ишга бориб келишармикан? Кўчаларнинг аҳволини “кўрмаётганлари” важидан айтаман-да. Янаям билмадим.

Дарвоқе, чет элга саёҳат қилиш учун қурбингиз етмайдими? Шартмас йиллаб пул йиғиш. Санкт Петербург ёки Венеция ўзимизда ҳам бор. Ҳар баҳор ва куз шаҳримизда қайиқда сузиш мумкин. Ҳар баҳор (ва куз) шу бўлар такрор.



P.S. Яқинда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ОАВ вакиллари қаршисида ҳокимликнинг йўллар борасида шаҳар аҳолисидан қарзи борлигини гапириб ўтди. Умид қиламиз, зора ҳоким бовамизнинг “йўллар” сўзи кенг қамровли бўлиб, бу сўзнинг ичига “дренаж тизими” ибораси ҳам кириб кетган бўлса.



Бу "Ғафур Ғулом" метро бекати яқинидаги кўприк. Янги қурилган пайтида ёғган ёмғирдан кейинги ҳолат

Буниси Сергелидан "Ипподром" бозорига кетаверишдаги кўприк ости

Қорақамишни танидингизми?


Бу эса "Қўйлиқ" бозори атрофи. Иккинчи суратда пиёдалар учун ер ости ўтиш йўли - тоннелни топинг-чи! Тополмайсиз! Тоннель сувга ғарқ бўлган

Халқ тилида "Лимонарий", деб аталадиган жой. Қишлоқ хўжалиги институти ва СамПИ чорраҳаси, Тошкент халқа йўли





Бу Амир Темур кўчаси. Собиқ "Қозоғистон" кинотеатри ёнидаги аҳвол