понедельник, 9 октября 2017 г.

Смартфонсиз

Смартфонсиз 3 ой яшашнинг афзалликлари ва ноқулайликлари ҳақида биласизми? Шунча вақт телефонсиз яшаб кўрганмисиз? Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаман - бунинг яхши жиҳатлари ёмонидан кўпроқ.

Тўғри, зарур пайтларда қўнғироқ қилиш учун стационар телефон излаш ё бировдан мобил телефонини сўраб туриш керак. Сиз кимгадир керак бўлиб қолсангиз у одам сизни топа олмайди ёки аксинча. Аммо бунинг ҳам ечими бор: ишхона ёки уйдан топиш мумкин. Бундай ҳолатлар менда 5-6 марта (балки кўпроқ) бўлди, "телефон олинг", "ким ҳозирги замонда телефонсиз юради, эй!" деган яқинларим ҳам бўлди. Телефон бор, йўқ эмас, аммо... телефонсиз юриб ўрганган эканман, унга эҳтиёж унчалик ҳам сезмадим.

Энди плюслари. Аввало турли олимларнинг турфа тадқиқотлари натижасида телефоннинг зарарлари ҳақидаги гаплар энди ташвишлантирмайди. Ҳар ким қўнғироқ қилиб безовта қилмайди. Адашиб тушиб қолганлар асабни бузмайди. Рулда эканингда чалғимайсан. Уйдан бўладиган "фалон нарсани олиб келинг, фалон жойга кириб келоласизми" каби мавзудаги қўнғироқ ва смслар йўқ . Хуллас, қулоғим том маънода тинч.

Энг асосийсига энди келдим. Уйдаям, ишдаям, кўчадаям, кафедаям телефон экранига эмас, одамларнинг юзларига, атрофга қарай бошладим. Эътиборлироқ бўла бордим, кўпчилик сезмаган нарсаларни сеза бошладим. Ундан ҳам асосийси, энди мен ошхонадаям, ҳожатхонадаям, ётоқхонадаям смартфон титкиламайман. Зерикмаслик учун ётоқхонамга битта, меҳмонхонага битта, ҳожатхонага битта китоб опкириб қўйдим. Ва, ишонасизми, бундан розиман. Чунки охирги 1 ой ичида 3 та катта китобни ўқиб тугатдим. Уларнинг муаллифи, жанри, тили ҳар хил. Неча замонлардан бери китоб кўрмаган бу онг ва шуур мазза қилди. Бироз аввал Вилли Майнк қаламига мансуб "Марко Полонинг ғаройиб саргузаштлари" номли тарихий-саргузашт романни ўқидим, параллель равишда Эрнест Хемингуэйнинг сара асарлари тўпланган "Избранное" китобини "паққос туширдим". Охирги ўқиганим Холид Ҳусайнийнинг "Шамол ортидан югуриб" асарини тунги соат 12 да бошлаб тонг соат 4 да тугатдим. Шунақа мазза қилдим, таърифлаш қийин! Бош кўтармай, бирор нарсага чалғимай, узилмай ўқиганим бу китобнинг зўрлигидан мазза қилдим. Ана шунда смартфонсизлигимдан рози бўлиб кетдим.

Тўғри, телефонсиз яшаш ҳозирда ноқулайроқ, барибир ундан фойдаланаман. Ақалли хориж радиоларини машинада эшитиб юриш учун ҳам смартфон керак менга. Бунга ўрганиб қолганман. Кўп маълумот, янгилик оламан, ғоялар туғилади хорижий радиоларни тинглаш асносида. Ҳа майли, гап бунда эмас. Гап шундаки, китоб ўқинг! Ишонинг, смартфон сизга бу роҳатни бера олмайди. Яшасин китоб!